Ёшлар иттифоқи фаолияти самарадорлигини қандай ошириш мумкин?

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 6 сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов бошчилигида ёшлар масалаларига бағишланган видеоселектр йиғилиши ўтказилди.

Унда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уни замонавий ёндашув асосида янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида сўз юритилди. Мазкур масала муҳокама этилар экан, ёшлар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик камаймаётганлиги, хусусан, биргина Тошкент вилоятининг ўзида вояга етмаганлар жиноятчилиги 4.1 %га ортганлиги таъкидланди. Бунга оила, маҳалладаги ижтимоий-маънавий муҳит вақтида ўрганилмаётганлиги, носоғлом муҳитдаги ёшлар билан индивидуал ишланмаслиги сабаб бўлаётганлиги таъкидланди.

Шунингдек, ёшлар орасида бефарқлик, масъулиятсизлик ортиб бораётган бугунги кунда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи дабдабали, баландпарвоз тадбирлар ўтказиш билан шуғулланмасдан, ҳар бир ёш билан алоҳида ишлаб, унинг қалбига кириб бора олиши, муаммосини, дарини эшита билиши лозимлиги таъкидланди.

Сенат раиси Т.Норбоева масаланинг қанчалик долзарблиги хусусида сўз юритар экан, ёшлар масаласи фақатгина бугунги кун тартибидаги масала эмас, балки эртанги кунимиз, ҳаёт-мамот масаласи, дея таъкидлади.

Т.Норбоева шунингдек, эрта никоҳ, эрта турмуш каби масалалар билимсизлик оқибати эканлигини, ёшлар учун махсус миллий контент яратилмаганлигини, ахборот маданиятини шакллантириш лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, корхона, ташкилот ва муассасалардаги бошланғич ташкилот масаласи қоғозда қолиб кетганлиги танқид қилиниб, ушбу масалага Республика даражасида барча вазирлик ва идоралар томонидан жиддий эътибор қаратилиши лозимлигини, шундагина ёшлар масаласида комплекс ишлар амалга ошириш имкони бўлишини эслатиб ўтди.

Йиғилиш давомида “Фидокор ёшлар” жамоатчиик тузилмаси фаолиятини самарали йўлга қўйиш, келгусида ушбу гуруҳ аъзоларини ИИБ тизимларига ўтказиш юзасидан таклифлар киритиш, ишсиз ёшларни етакчиларга бириктириш орқали уларнинг касб-ҳунар эгаллашлари ва келгусида ишга жойлашишларини назорат қилиш, 10 кун муддат ичида “Сенат раиси ва ёшлар”, “Бош вазир ва ёшлар”, “Бош прокурор ва ёшлар” каби учрашувлар юзасидан тегишли таклифларни ишлаб чиқиш лозимлиги белгиланди.

2015-2019 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM