Ёлғон ахборот – заҳри қотил, у онгни заҳарлайди

Оммавий ахборот воситаларининг мафкура майдонида ўз ўрни бор. У жамиятга, ҳалқга ҳолис, ҳаққоний, тўғри ахборот бериши, барчани эзгу ишларга чорлаб, бунёдкорликка ундаши, ғараз мақсадларни кўзлаб, бузғунчилик руҳидаги маълумотларни тарқатмаслиги керак. Нотўғри ва бузғунчилик руҳидаги маълумотлар инсонларнинг фикрлашига, дунёқарашига, онгига салбий таъсир қилиб, уларни ҳато йўлларга бошлаши, мумкин. Афсуски, эфирга чиқаётганида ана шу ҳаётий ҳақиқатни тан олмай, унга амал қилмай, ҳаётий ҳақиқатлардан йироқ, ёлғон-яшик маълумотлар билан тўла мавзуларни оммага тарқатаётганлардан бири «Озодлик» радиостанцияси саналади.

Бу радиостанциянинг эфирга узатаётган мавзулари дунёнинг турли бурчакларидаги воқеа-ҳодисаларга муносабат кўринишида. Айтайлик «фалон жойда ундай бўлди, фалон жойда бундай….» У Ўзбекистон ҳаётидан ҳам кўплаб материаллар узатаяпти. Уларнинг ҳаммаси ҳаётий ҳақиқатга мосми? Афсуски, йўқ!

Бугун юртимизнинг ҳамма жойларида катта ва қизғин ислоҳотлар майдони, улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, ривожланиш йўлидан шахдам одимлаяпти. Буларнинг барчаси Ўзбекистон чиройига чирой қўшиб, яқин вакт ичида янада кўркамлаштириб, иқтисодни юксалтириб, ҳалқимиз турмушини фаровонлаштиради. Бизнинг бу каби эзгу ишларимизга ҳайриҳоҳлар албатта, дўстона муносабатда бўляпти. Тирноқ остидан кир излаб, оқни қора, яхшини ёмон деб кўрсатувчилар, жумладан «Озодлик» радиостанцияси эса баъзан бунга бутунлай тескари фикрлар айтади. Дунёқараши соғлом киши ёлғон маълумотга чалғимайди, афсуски, айримлар бунга ишониб, носоғлом фикрлар тузоғига тушиб қолишяпти.

Бугун юртимизнинг хамма жойларида халқни огоҳликка, ҳушёрликка ундовчи шиорлар, даъватлар кўзга ташланади. Бу бежиз эмас. Мафкура майдонида кескин кураш кетаётган бир пайтда ўзини, оиласини, юртини бало-казолардан асраш инсондан огоҳлик ва ҳушёрлик, соғлом фикр ва соғлом харакат талаб килади. Буни ҳамма тушуниши, унга амал қилиши ҳаёт талабидир.

 

А.Шокиров

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM