Ўзбекистонда илк бор аҳолини рўйхатга олиш жараёни амалга оширилади

Энг аввало аҳолини рўйхатга олиш тушунчаси ҳақида қисқача маълумот. Аҳолини рўйхатга олиш мамлакат аҳолисининг аниқ сони, унинг таркиби ва яшаш шароитлари тўғрисида маълумотни топиш имконини беради. Бу аҳолининг сони, таркиби ва яшаш шароитлари – бутун аҳоли
ва аҳолининг ҳар бир тоифаси олдинги аҳолини рўйхатга олиш давридан буён қандай ўзгарганлигини баҳолаш имкониятини беради.

Бундан ташқари, бундай ўзгаришларнинг динамикаси тўғрисидаги маълумотлар келгуси йилларда мамлакат аҳолисининг сони ва ижтимоий-иқтисодий аҳволининг ўзига хос томонларини инобатга олиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Бошқача қилиб айтганда, рўйхатга олиш нафақат статистик натижалар, балки иқтисодий ва ижтимоий прогнозлаш воситасидир. Рўйхатга олиш бу Ўзбекистоннинг солнома тарихидир. Рўйхатга олиш натижалари эса нафақат бизга, балки биздан кейинги авлодларга ҳам тааллуқли.

Ўзбекистонда 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилади.  Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги ПФ-5655-сонли Фармонида айтиб ўтилган.

Шавкат Мирзиёев имзолаган янги фармонда айтилишича, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилмаган.

Фармонда айтилишига кўра, етакчи халқаро ташкилотлар, хусусан БМТ ҳам 2015 йилда “2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар” номли резолюциясини ишлаб чиққан ва барча давлатларга уни ўтказишни қатъий тавсия этган.

Мазкур кенг миқёсли амалиётнинг яна бир бош мақсади мамлакатимизда, умуман ҳар бир маъмурий-ҳудудда яшовчи шахсларнинг турли тавсифлари тўғрисида ишончли, холис ва яхлит маълумотларни ягона статистик услублар асосида йиғишдан иборат. Мазкур жараён уч босқичда амалга оширилади. 

Аҳолини рўйхатга олиш мамлакатда яшовчи барча аҳолига тегишли бўлган демографик, иқтисодий ва ижтимоий маълумотларни йиғиш, умумлаштириш, баҳолаш, таҳлил қилиш ва эълон қилишнинг ягона жараёнини ўз ичига олиб, аҳоли тўғрисидаги маълумотларнинг асосий манбаи ҳисобланади ва у келгуси 10 — 30 йиллик ривожланишнинг прогноз кўрсаткичларини ҳисоблаш учун ишончли пойдевор яратади, ҳудудларни ривожлантириш ва жамиятнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ёрдам кўрсатиш бўйича сиёсий ва бошқарув қарорларини қабул қилиш учун зарур маълумотларни олиш имконини беради. У аҳоли сонини ишончли ҳисоблаш, шунингдек, аниқ белгилаб қўйилган ягона ҳисобга олиш даврида аҳолининг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти даражаси, яшаш шароити, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий ва иқтисодий хусусиятлари бўйича якка тартибда ҳисобга олиш
ва батафсил тавсифлашнинг универсал усулини ишга солган ҳолда расмий статистика тизимида асосий роль ўйнайди.

Маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар” резолюцияси қабул қилинган ва унга асосан БМТга аъзо давлатларнинг камида бир марта аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишни ўтказиши белгилаб қўйилган. Айни кунларда ҳамдўстлик мамлакатларида бу жараёнга тайёргарлик бошланган.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яхлит ва ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирлик бўйича аниқ бир вақтда яшовчи шахсларнинг турли тавсифлари тўғрисида халқаро таққослана оладиган ишончли, холис ва яхлит маълумотларни ягона статистик услублар асосида йиғиш аҳолини рўйхатга олишнинг мақсади ҳисобланади.

Аҳоли таркибидаги глобал ўзгаришларни баҳолаш, демографик сиёсатни, аҳоли соғлиғини мустаҳкамлаш, аёллар ва болалар аҳволини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш учун ахборотлар базасини кенгайтириш;

аҳоли пунктлари ва шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш, меҳнат ресурсларидан фойдаланиш ва уларни жойлаштириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли прогнозлар, дастурлар тайёрлаш ва индикатив режалаштириш;

миллий барқарор ривожланиш мақсадларини шакллантириш ва унинг амалга оширилиши устидан мониторинг ўтказиш;

аҳолини рўйхатга олиш даврлари оралиғида аҳоли сони ва таркибининг жорий ҳисобини юритиш, аҳоли сонининг ҳисоби ва прогнозларини амалга ошириш учун статистик базани яратиш;

ижтимоий-иқтисодий муаммолар бўйича илмий тадқиқотларни амалга ошириш эса аҳолини рўйхатдан ўтказишнинг энг асосий вазифалари ҳисобланади.

Демак, Президент фармони билан тасдиқланган концепцияга асосан, Ўзбекистонда 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилади. Мазкур концепция 8 та боб, 29 та банддан иборат бўлиб, унинг ҳар бирида масъул ташкилотларга тегишли вазифалар белгилаб қўйилган. Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш бўйича ваколатли орган эса Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳисобланади. 

Аҳолини рўйхатга олиш баробарида яна бир муҳим вазифани бажариш кўзда тутилган. Бу – ҳудудларда хариталаш, аҳоли пунктларидаги уйларнинг рўйхатини тузиш билан боғлиқ масала. Турар ва нотурар жойларнинг аниқ сони, ҳолати, фойдаланилмай ётган ёки муддатини ўтаган биноларни белгилаб олиш билан тегишли ҳудудларда уй-жой, саноат объектларини қуриш ва таъмирлаш масалаларига ойдинлик киритиш мумкин бўлади. Бир сўз билан айтганда республиканинг янги мукаммал кадастр харитаси яратилади.

Шундай қилиб, ҳукумат олдига яна бир муҳим вазифалар қўйилди. Уларни муваффақиятли ва тўлақонли бажариш билан Ўзбекистоннинг ҳар бир вилояти, шаҳари, туманидан тортиб маҳалласи-ю кўчасига, чекка қишлоқ ва олис овулларигача алоқадор бўлган барча маълумотларни ўзида акс эттирган ягона ахборот базаси яратилади. Бу қимматли маълумотлар эса бизга бугун, эртага ва яқин келажакда жуда асқотади. Зотан, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилаётган кўп йиллик дастурлар, амалга оширилаётган тизимли ўзгаришлар ва белгилаб олинаётган режалар манзил аниқ бўлсагина юқори самара беришига шак-шубҳа йўқ.

Ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш бўйича ҳам туманда тарғибот ва ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда.

2015-2019 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM