МАҲАЛЛА РАИСИ САЙЛОВИ

Маълумки, жорий йилнинг май ойида юртимизнинг барча ҳудудларида муҳим тадбирлардан бири - Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови ўтказилиши режалаштирилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 15 февралдаги “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарорига асосан 2019 йил 27 февралда халқ депутатлари туман Кенгашининг 39-Қарори қабул қилинди.

Бу муҳим сиёсий тадбирнинг намунали ўтказилишини таъминлаш мақсадида халқ депутатлари туман Кенгаши комиссияси,унга кўмаклашувчи комиссия ва бевосита маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият олиб борувчи ишчи гуруҳлари ташкил этилган. Бу йил туманимиздаги 55 та маҳалла фуқаролар йиғинларида ўтказиладиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови ўтган йиллардаги сайловлардан сайлов ёшига тўлган фуқаролар умумий сонининг камида ўн икки фоизи миқдорида фуқаролар йиғинлари кесимида вакиллик нормасини белгилаш, сайлов бюллетенида номзодларнинг суратлари қўйилиши, сайлов тўлиқ яширин овоз бериш орқали ўтказилиши билан фарқ қилади. Шунигдек комиссия аъзолари туман ҳокимлиги вакиллари, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари ва сайлов ўтказишга дахлдор бўлган туман ташкилотлари раҳбарларидан ташкил топган. Ишчи гуруҳи таркибида номзоднинг яқин қариндошлари бўлмаслиги керак. Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва кўмаклашувчи комиссияси белгиланган вакиллик нормаси асосида сайлов ёшига тўлган фуқаролар умумий сонининг ўн икки фоизидан кам бўлмаган миқдорида мавжуд кўчалар ва уйларга тақсимлайди.

Жойларда фаолият олиб бораётган ишчи гуруҳи аъзолари ҳудуддаги ҳовлилар, уйлар, кўчалар, гузарларда бўлиб, фуқаролар вакилларини сайлаш бўйича умумий йиғилишларни ўтказиш масалалари юзасидан аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб боришмоқда. Ишчи гуруҳи аъзолари номзодларни танлашда уларнинг яшаш жойларидаги ўтказиладиган турли тадбирлардаги фаол иштироки, маҳалладаги обрў-эътибори, ташкилотчилиги, шу ҳуддудда камида беш йилдан ортиқ яшаганлиги сингари ижобий фазилатларга эга бўлганлигига алоҳида эътибор қаратишмоқда. Ишчи гуруҳи томонидан тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикрини инобатга олган ҳолда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар бўйича таклифлар ва уларнинг ҳужжатларини тайёрлаш 2019 йилнинг 31 мартига қадар,  номзодларнинг ўз номзоди кўрсатилишига ёзма розилигини илова қилган ҳолда уларнинг ҳужжатларини туман ҳокими билан келишиш учун тегишли комиссияга сайловдан камида ўн кун олдин тақдим этиш лозим. Бундан ташқари сайловдан камида беш кун олдин тегишли ҳудудда яшовчи фуқароларга фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ўтказиш  куни, вақти ва жойи ҳақида хабар бериш, номзодлар ҳақидаги ахборотни фуқаролар йиғини биносига ва гузарларга осиб қўйиш, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш, фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) ўтказиладиган сана, вақт ва жой, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар тўғрисидаги ахборотни вилоят Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Кенгашининг веб-сайтларига жойлаштириш каби муҳим вазифалар ҳам ишчи гуруҳи аъзолари зиммасида.

Алишер ШОДМОНОВ,

туман сайлов комиссияси раиси.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM