Давлат бюджети - халқ манфаати йўлида

Булунғур туман маҳаллий бюджети бўйича 2019 йил параметрлари туман ҳокимининг 2019 йил  10-январдаги 15-Қ сонли қарори билан тасдиқланган бўлиб, мазкур қарорга асосан туман маҳаллий бюджети даромадлари жами 160 056 529,0 минг сўм этиб белгиланган. Шундан туман маҳаллий бюджетига тушадиган солиқ ва бошқа тушумлар миқдори 32 505 891,0 минг сўмни, ижтимоий соҳа учун юқори бюджетдан ажратиладиган трансферт миқдори 127 550 638,0 минг сўмни ташкил этади. 

Туман маҳаллий бюджети харажатлар қисми ҳам ўз ўрнида бюджет даромадларига мутаносиб равишда 160 056 529,0 минг сўмни ташкил этмоқда. Бу эса 2018 йилга нисбатан 63 683 489,0 минг сўмга кўп ёки 66,1 фоизга ошганлигидан далолат беради.

 Ушбу харажатларнинг қарийб 89,4 фоизи яъни 143 056 483,0 минг сўми ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш харажатларига, 4,7 фоизи иқтисодиёт харажатларига, 2,2 фоизи Давлат бошқаруви органларини сақлаш харажатларига, 2,7 фоизи фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари харажатларига, 1 фоизи туман ҳокимлиги захира жамғармаси маблағлари ҳиссасига  тўғри келади.

Шу ўринда айтиш жоизки, туман маҳаллий бюджетидан соғлиқни сақлаш тизимидаги туман марказий шифохонаси, кўп тармоқли марказий поликлиника, 2 та қишлоқ оилавий поликлиникаси, 8 та қишлоқ врачлик пункти,  шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими,  уйда ижтимоий хизмат кўрсатиш бўлими, тез ёрдам бўлими ва унинг ҳудудлардаги шахобчаларини сақлаш учун туман маҳаллий бюджетидан 27 526 908,0 минг сўм миқдорида маблағ ажратилди. Шундан 22 757 464, минг сўм маблағ иш ҳақи  ва ягона ижтимоий тўлов харажатларини, 4 769 444,0 минг сўм маблағ  бошқа харажатларни амалга ошириш учун кўзда тутилган.

Мухтарам Президентимиз томонидан аҳолининг янада кучли ижтимоий ҳимояланишига эътибор қаратганлиги туфайли тиббиёт муассасаларида беъморларнинг ётиб ёки амбулатор тарзда даволаниши учун бепул дори-дармонларга ажратилган маблағлар ўтган йилга нисбатан қарийб 20 фоизга оширилиб 1 755 258,0 минг сўмни ташкил этмоқда. Соҳа тизимидаги ташкилотлар кесимида ушбу дори-дармон учун ажратилган малағлар миқдори бир ўрин куни ёки аҳоли жон бошидан келиб чиқиб қуйидагича тақсимот қилиниши режалаштирилмоқда.

Жумладан:

Марказий шифохона учун 831 667,0 минг сўм, Шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига 197 290,0 минг сўм, кўп тармоқли марказий поликлиникага 236 885,0 минг сўм, қишлоқ оилавий поликлиникаларига 231 597,0 минг сўм, қишлоқ врачлик пунктларига 257 819,0 минг сўм миқдорида аҳолини бепул дори-дармон воситалари билан таъминлаш учун маблағ режалаштирилмоқда. Шунингдек, марказий шифохонада ётиб даволанган беъморларни бепул овқатлантириш учун 487 116,0 минг сўм миқдоридаги маблағлар кўзда тутилган.

2019 йил давомида бюджет маблағлари ҳисобидан “Ипак йўли” қишлоқ врачлик пункти, шунингдек, “Навбахор” ва “Дўстлик” тез тиббий ёрдам шахобчалари биноларини жорий таъмирлаш, тиббиёт бирлашмасига тиббий анжомлар ва мебел жихозлари, беъморлар учун махсус кийимлар сотиб олиш учун маблағлар режалаштирилган.

Туман маҳаллий бюджетидан молиялаштирилувчи энг катта салмоққа эга соҳалардан бири халқ таълими соҳаси бўлиб, жорий йилда ушбу тизимда 66 та умумтаълим мактаби, 1 та Баркамол авлод болалар маркази, 1 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, шунингдек халқ таълими бўлими фаолият юритмоқда. Мазкур муассасаларни сақлаш учун 98 428 985,0 минг сўм миқдорида маблағ режалаштирилмоқда.

Мактабгача таълим соҳасини тубдан такомиллаштириш, мактабгача таълим ва тарбиянинг сифатини ошириш бўйича ҳам туманимизда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бугунги кун холатига туманимизда 21 та давлат мактабгача таълим муассасалари фаолият юритиб келмоқда. 2018 йилда “Обод қишлоқ” дастури асосида туманимизнинг “Каттақишлоқ” ва “Ғўбдин” маҳалла фуқаролар йиғинларида 100 ва 75 ўринга мўлжалланган 2 та давлат мактабгача таълим муассасаси қуриб битказилиб тез кунларда фаолиятини бошлаш арафасида турибди.

Бундан ташқари 22 та оилавий мактабгача таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилган. Жорий йил давомида туманимизда қўшимча тарзда 16 та оилавий, 6 та нодавлат ва 24 та давлат хусусий шерикчилиги асосида мактабгача таълим муассасалари фаолият бошлаши кўзда тутилган.

 Ушбу соҳа учун жорий йилда 15 442 857,0 минг сўм маблағ ажратилиши назарда тутилиб, ўтган 2018 йилга нисбатан солиштирилганда 8 520 096,0 минг сўмга, ёки қарийб 123,1 фоизга кўп маблағ режалаштирилмоқда.

Иқтисодиёт харажатлари бўйича жами 7 459 437,0 минг сўм маблағ кўзда тутилиб шундан, сув хўжалиги учун 712 196,0 минг сўм, қишлоқ хўжалиги учун 2 975 569,0 минг сўм, ветеринария ташкилотлари учун 586 653,0 минг сўм, ободонлаштириш ишлари учун 3 139 550,0 минг сўм, дренаж билан боғлиқ харажатлар учун 45 469,0 минг сўм миқдорида маблағ режалаштирилмоқда.

2019 йилда ушбу иқтисодиёт харажатлари ҳисобига 8 та сув тақсимлаш иншоотларини  жорий таъмирлашга 20 200,0 минг сўм, “Оқ ариқ” каналининг 3,0 км узунликдаги, “Қора ариқ” каналининг 3,4 км узунликдаги қум қоплаб қолган жойларини тозалаш ишларига 55 150,0 минг сўм, ободонлаштириш бошқармаси маъмурий биносини жорий таъмирлашга 150 250,0 минг сўм, ободонлаштириш бошқармасига цемент қориш мосламаси сотиб олишга 100 000,0 минг сўм, кўча чироқлари сотиб олиш ва уларни сақлаб туриш харажатларига 275 201,0 минг сўм, Қўнғирот МФЙда жойлашган “Манғит” қабристони, А.Темур МФЙда жойлашган “Пастки Саболоқ” қабристони, Истиқлол МФЙда жойлашган “Хотира” қабристонлари атрофини жами 330,0 метр узунликдаги девор билан ўраш учун  140 043,0 минг сўм,  Булунғур, Навбахор, Янгиобод, Чорбоғ, Эрганакли, Ғўбдин, Эсонтурди, Оқтепа, Чангал-1 ва Боғбон маҳалла фуқаролар йиғинларидаги жами 11 та 10,08 км узунликдаги  ички йўлларни жорий ва капитал таъмирлаш харажатлари учун 437 218,0 минг сўм миқдорида маблағ режалаштирилиши назарда тутилмоқда.

 Бундан ташқари туман маҳаллий бюджетининг 2019 йил бошига сақланган эркин қолдиқ маблағлари 617 882,0 минг сўмни, туман ҳокимлиги захира жамғармаси маблағлари  1 584 718,0 минг сўмни ташкил этмоқда. Мазкур маблағлар туман маҳаллий бюджети харажатлар қисмида назарда тутилмаган мақсадли тадбирларни молиялаштириш учун сарфланади.

Туман маҳаллий бюджети асосий кўрсаткичлари ва режалари бўйича маълумотларимиз қисқача шулардан иборат. Келгусида чорак якунлари билан бюджет ижроси тўғрисидаги маълумотларни ёритиб борамиз.

 

Булунғур туман ҳокимлиги молия бўлими

мудирининг биринчи ўринбосари 

А.Идибаев

2015-2019 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM