Халқга хизмат қилиш олқиш келтирар

Аҳолининг турмуш фаровонлигини таъминлашда уларни суюлтирилган газ билан таъминлаш ҳам муҳим омил саналади. Самарқанд вилояти газ таъминоти туманлараро 2-сонли Булунғур туман ҳудуди жамоаси ҳам бу эзгу ишга ҳисса қўшиб келишмоқда.

   - Туманда 55 та маҳалла фуқаролар йиғинининг 26.660 та хонадонини суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаймиз, - дейди Суюлтирилган газ таъминоти бўлими бошлиғи Санъат Холиқов. -  1 та хонадонга 1 та газ баллони етказиб бериш муддати 40-45 кун бўлиб,  бунда узилишлар бўлмаяпти. Шу боисдан, вилоятда энг яхши кўрсаткичга эришган жамоа саналамиз.

   12 нафар ходим меҳнат қилаётган жамоада Фарҳод Ғаниев, Мансур Абилов, Миршод Холиқов, Баҳодир Худойназаров, Элбек Ўташев кабилар зиммаларидаги вазифаларини сидқидилдан бажариб, мижозлар олқишига сазовар бўлишаяпти. Ҳисобчи Дилнавоз Ҳакимова эса ҳисоб-китоб ишларининг аниқ ва пухта юритилишини таъминламоқда. Шу боисдан, жамоа номига мижозлардан кўплаб ташаккурномалар ҳам олинаяпти.

   Жамоа келажакда аҳолининг суюлтирилган газ таъминотини янада яхшилашни режалаштирмоқда. Жумладан, маиший газ баллонларига техник хизмат кўрсатиш мақсадида зарур жиҳозлар келтирилиб ўрнатилган ва у ишга шай ҳолатда.

   Ҳозирда газ баллонларини суюлтирилган газ билан тўлдириш тумандан бироз узоқда – Самарқанд шаҳрига қўшни Кимёгарлар қўрғонидаги махсус жойда амалга оширилаяпти. У ерга бўшаган газ баллонларини олиб бориш ва тўлдирилганларини олиб келишга анча йўл юриш ҳамда вақт сарфлашга тўғри келмоқда.

   - Бу муаммони ижобий ҳал қилиш йўлларини излаб, яқин келажакда  туманимиз аҳолиси ҳамда қўшни Жомбой туманидаги хонадонларнинг суюлтирилган газ баллонларига бўлган талабини тўлақонли қаноатлантириш мақсадида туман ҳудудида махсус  суюлтирилган газ шахобчасини қуриб ишга туширишни ҳам режалаштирганмиз - дейди Суюлтирилган газ таъминоти бўлими бошлиғи Санъат Холиқов.  - Бу ишни амалга оширсак хонадонларнинг суюлтирилган газ баллонлари таъминоти янада яхшиланиши шубҳасиз.

Раббим ЭРГАШЕВ.

 

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM