ТЕМИР ЙЎЛДА ХАВФСИЗЛИК ТАЪМИНЛАНСИН, БУ НОХУШ ҲОДИСАЛАР ОЛДИНИ ОЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 21 декабрдаги ПҚ-1446-сонли ҳамда 2015 йил 6 мартдаги ПҚ-2313-сонли Қарорлари талаблари асосида Испания давлатидан 4 та «Тальго-250» русумли юқори тезликда ҳаракатланувчи тезюрар электропоездлар олиб келиниб, "Афросиёб" номи билан “Тошкент-Самарқанд” йўналишида ҳаракати йўлга қўйилди. 2015 йил 1 сентябрдан "Тошкент-Самарқанд-Қарши" йўналишида, 2016 йилдан эса “Тошкент-Самарқанд-Бухоро'' йўналишидаги қатновлари йўлга қўйилди.

Ушбу электропоездларнинг тезлиги соатига 250 километргача ҳаракатланиши назарда тутилиб, Тошкент шаҳридан Бухоро шаҳригача ҳамда Тошкент шаҳридан Қарши шаҳригача бўлган масофадаги темир йўл излари реконструкция килиниб, ушбу йўналишда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигини сақлаш, уларнинг бахтсиз ҳодисаларга учрашининг олдини олиш мақсадида темир йўл атрофи бетон ва темир панжарали тўсиқлар билан ўралди. Фуқароларимизнинг темир йўлдан ўгишлари учун темир йўл бекатларида махсус кўприклар, маълум участкаларда эса «Ўзбекистон темир йўллари» ДЖга қарашли Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармаси ходимлари томонидан қўриқланадиган махсус ўтиш йўлаклари ташкил этилди.
Шунга қарамасдан, айрим фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан темир йўл атрофидаги муҳофаза ерлари эгаллаб олинаётганлиги, темир йўлларга ҳар хил чиқиндилар ташланаётганлиги, темир йўлнинг белгиланмаган жойларидан кесиб ўтишлари, ўрнатилган тўсиқларни бузиб, ўзбошимчалик билан ўтиш йўлларини очиш, темир йўл атрофларида чорва моллари боқиш, қоровул будкалари ва вагонларга тош отиш, темир йўл изларига ҳар хил ашёлар қўйиш, темир йўл сигнализация ва алоқа воситаларига шикаст етказиш каби ҳолатлар содир этилмоқда. Ушбу ҳолатлар ўз навбатида темир йўл тизимида ҳаракат хавфсизлиги талабларининг таъминланишига, давлат ва жамият манфаатлари ҳамда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигига таҳдид солмоқда.

Темир йўл атрофида жойлашган маҳаллалар, таълим муассасалари ва корхона-ташкилотларда темир йўл хавфсизлигини таъминлашга қаратилган профилактик тушунтириш ишларига қарамасдан 2018 йил 6 январь куни Булунғур-Ғаллаорол темир йўл бекатлари оралиғининг 3690 километрида жойлашган темир йўл кесишмасида фуқаро А.Тўхтаев темир йўл шлагбаумига ўз эҳтиётсизлиги оқибатида шикаст етказган, А.Абдуалимов ҳамда Ш.Назаровалар эса темир йўлни белгиланмаган жойидан кесиб ўтиб, 113-модданинг 4-қисмида белгиланган қонунни бузганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилганлар.

Республикамиз ҳудудида яшовчи фуқаролар ҳамда юртимизга ташриф буюраёттан чет эллик меҳмонлар ва расмий делегация вакилларининг узоғини яқин қилаётган замонавий, қулай йўловчи поездларнинг ўз вақтида, хавфсизлиги таъминланган ҳолда шаҳримиз Самарқандга келишини таъминлаш барчамизнинг вазифамиз.

Барчамиз ваколат доирамиздан, хизмат вазифамиздан ҳамда фуқаролик бурчимиздан келиб чиқиб, ҳар бир туман, шаҳар ва маҳалла ҳудудидан ўтувчи темир йўлда поездларнинг ҳаракат хавфсизлигини таъминлашимиз зарур.

Учқун АНОРОВ,
Булунғур темирйўл бекати
ЖХТБ бошлиғи, майор.

 

Зафар ДАМИНОВ,
Самарқанд вилоят ИИБ
ТЖХТБ ХПГ инспектори, катта лейтенант.

2015-2019 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM