Сиёсий партиялар иштирокида илк бор учрашув ўтказилди

Депутат халқ вакили. Шундай экан бу вазифа, мансаб эмас. Бу ишонч масаласи, бу масъулият. Ушбу масъулиятни, яъни халқ ишончини оқлаш ҳар бир депутат ва сиёсий партия учун бирламчи устувор вазифа бўлмоғи лозим. Хусусан, халқ депутатлари Булунғур туман Кенгаши котибиятининг ташкил этилишидан ҳам ана шу эзгу мақсад кўзланган.

 

Бугун Булунғур туман ҳокимлигида туман кенгаши котибияти ташаббуси билан доимий комиссия аъзолари, шунингдек, сиёсий партиялар иштирокида илк бор учрашув ўтказилди. Учрашув давомида нафақат котибият, Кенгашнинг доимий комиссияси, балки сиёсий партиялар ва депутатларнинг ҳам фаолиятини янада жонлантириш, мувофиқлаштириш, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган муҳим масалалар муҳокама этилди.

Айлана стол атрофида, эркин муҳоқот руҳида ўтган учрашув давомида Кенгашнинг 2020 йилги фаолияти давомида йўл қўйилган камчиликлар таҳлил қилиниб, 2021 йилги устувор вазифалар юзасидан таклифлар тингланди.

 

Мулоқот давомида яқинда Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида Олий Мажлис палаталари раҳбарлари, мамлакатимиздаги сиёсий партиялар етакчилари, уларнинг парламентдаги фракциялари аъзолари билан ўтказилган учрашувда тафсилотларига бағишланган видеоролик намойиш этилиб, Партия ва депутатлар олдида турган бугунги кун талаблари яна бир бор эслатиб ўтилди.

Учрашувда доимий комиссия аъзолари, сиёсий партия раислари ўз фикр муҳоҳазаларини таклифларини билдириб ўтишди. Жумладан, депутатлик сўровларини чиқариш тартиби, унга ўз муддатида жавоб қайтарилиши, депутатларнинг ўз вазифасини тўлақонли бажариши, жойларда сайловчилар ўтказилиши лозим бўлган учрашувлар, фаолият юзасидан оммавий ахборот воситаларида доимий равишда аҳолининг кенг қатламларини хабардор қилиб бориш масалалари юзасидан таклифлар билдирилди. Шунингдек, эндиликда депутатларнинг фаолияти ҳам белгиланган меьзонлар асосида доимий мониторинг қилиниб, баҳоланиб борилиши, бу эса ўз навбатида сиёсий партиялар қанчалик фаол эканлигини яққол кўрсатиб беришга хизмат қилиши таъкидланди.

 

Сиёсий партиялар ўз депутатлари орқали жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиши, уларнинг ечими бўйича аниқ таклифлар бериши, қабул қилинаётган, Қонун, Фармон ва Қарорлар ижроси юзасидан таъсирчан жамоатчилик назоратини олиб бориш муҳимлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, учрашув давомида Халқ депутатлари Булунғур туман Кенгашининг навбатдаги сессиясига тайёргарлик кўриш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

 

Мухтасар қилиб айтганда, Кенгаш котибияти фаолияти йўлга қўйилди ва эндиликда депутатларнинг фаолиятини янада жонлантириш, мувофиқлаштириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш чоралари кўриб борилади.

 

2015-2022 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM