Булунғурлик ёшлар билан ўтган учрашувда 1 500 та китоб ва ноутбук ваъда қилинди

Жорий йил 8 январ куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Aдминистрацияси, Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги, масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат таркибда тузилган ишчи гуруҳи аъзолари, Булунғур туманида бўлиб, ёшлар билан учрашув ўтказилди.

 

Учрашув давомида масъуллар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳамда 2020-йилнинг 25-декабр куни ўтказилган "Ўзбекистон ёшлари форуми"да давлатимиз раҳбари томонидан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг эзгу интилишларини рўёбга чиқаришга қаратилган маърузаларининг мазмун-моҳияти хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтишди.

 

Тумандаги 20-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби биносида ўтказилган очиқ мулоқотда 24 нафар ёш томонидан турли мазмундаги 26 та мурожаат ва таклифлар билдирилди. Билдирилган мурожаатларнинг айримлари шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилган бўлса, айримлари қонуний асосда кўриб чиқилиши учун чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди. Хусусан, учрашув давомида ёшлар тоомонидан билдирилган таклиф ва мурожаатларга мувофиқ, тумандаги 10, 25, 27 умумтаълим мактабларининг ҳар бирига 500 тадан бадиий китоблар жамланмаси, Алибоев Камолга янги ноутбук эртага етказиб берилиши ваъда қилинди.

 

Эслатиб ўтамиз, ишчи гуруҳига Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Куранбаев ва Ўзбекистон Ёшлар агентлиги директори Aлишер Саъдуллаев бошчилик қилмоқда.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM