Навбатдаги сессияда Булунғур туманининг маъмурий ҳудудий бирликлар чегаралари тасдиқланди

Бугун, 31 октябр куни булунғур туман ҳокимлиги мажлислар залида халқ депутатлари туман Кенгашининг ўн еттинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессия ишида туман кенгаши депутатлари ва кун тартибидаги масалалар юзасидан таклиф этилган масъуллар, оммавий ахборот воситалари  иштирок этишди.

Сессия давомида кун тартибига мувофиқ, жиноят ишлари бўйича Булунғур туман суди раиси Г.Негматов, Жомбой туманлараро иқтисодий суди раиси Н.Юсупов, Булунғур туман маъмурий судининг раиси Ш.Тухтаев ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судининг раиси Ж.Файзуллаевнинг суд томонидан 2020 йил 9 ойи мобайнида амалга оширилган ишлари юзасидан ахборотлари тингланди.

Шунингдек, сессия давомида Булунғур тумани прокурори адлия маслаҳатчиси С.Б.Саидовнинг 2020 йил 9 ойи давомида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари бажарилиши юзасидан хисоботи эшитилди. Хусусан, туман прокуратураси томонидан тумандаги ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни ижроси юзасидан ўтказилган ўрганишлар натижасига кўра, аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш борасида 2 та тақдимномалар киритилган, 1 нафар масъул шахсларга нисбатан МЖтКнинг 43-моддаси билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида ва 1 нафар масъулларга нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида ишлар қўзғатилган.

Қайд этиш лозимки, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари бажарилиши юзасидан туман прокуратураси томонидан амалга оширилган ишлар алоҳида эътироф этилди.

Сессия кун тартибидаги олтинчи масалага мувофиқ, Самарқанд вилояти Булунғур туманининг маъмурий ҳудудий бирликлар чегарасини белгилаш ҳақида тайёрланган далолатномалар депутатлар томонидан муҳокама этилди.

Жумладан, ўрганишлар якунига, туманда хонадонлар сони 35466,0 та, аҳоли сони 186400,0 нафар, туманнинг чегара узунлиги 201291,0 метр ва умумий ер майдони 76921,33 гектарга тенг деб белгиланди ва мазкур рақамлар депутатлар томонидан тасдиқланди.

Бизни кузатиб боринг, судларнинг ахборотлари юзасидан ҳафта давомида қўшимча маълумот бериб борамиз.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM