Булунғур тумани ҳокими Баходир Абдуллаевич Бахрамовнинг 21 октябр - “Ўзбек тили байрами куни” муносабати билан байрам табриги

Барчангизга маълумки, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил 10 апрелдаги “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги 615-сонли Ўзбекитон Республикаси Қонуни билан 21 октябр расман “Ўзбек тили байрами куни” этиб белгиланди. Шу муносабат билан жорий йилда илк бор “Ўзбек тили байрами” куни юртимиз бўйлаб кенг миқёсда нишонланмоқда.

Бугун, ушбу байрамни илк бор нишонлар эканмиз, тарихимизга бир назар солсак. Мустақиллик арафасида оилавий ва бозор тили даражасига тушиб қолган ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш ҳақидаги таклиф ва курашлар ўз самарасини берди. 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилга “Давлат тили” мақоми берилди.

Эътибор берган бўлсангиз, ўзбек тилга “Давлат тили” мақоми мустақилликдан аввалроқ берилди. Яъни бу мустақиллик йўлидаги курашларнинг илк натижаси, мустақиллик шабадаси эди. Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний бежизга таъкидламаганлар: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадиган оинаи ҳаёти тил ва адабиётидир. Миллий тилни йўқотмоқ миллатнинг руҳини йўқотмоқдир”.

Тил миллатларни миллатлардан ажратиб турадиган асосий белгидир. Миллат бор экан унинг тили ҳам яшайди. Шундай экан, 21 октябр санасининг расман “Ўзбек тили байрами куни” сифатида белгиланиши она тилимизни мамлакатимиз ва дунёга танитиш, авлодларга соф ҳолда етказиш мақсадида амалга оширилган ғоят муҳим қадам бўлди.

Ҳурматли юртдошлар!

Бугун ўзбек тилининг том маънода “Давлат тили” сифатида тан олиниши борасида кўплаб амалий қадамлар ташланмоқда. Хусусан, жорий йил 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги юқори даражадаги умумсиёсий мунозараларда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг илк бор ўзбек тилида нутқ сўзлаганлари ҳам дунё ҳамжамияти учун ўзига хос чақириқ вазифасини ўтади.

Мазкур сессиядан кўп ўтмай, 2020 йил 1 октябрь куни БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида Хотин-қизлар ҳолати бўйича тўртинчи Бутунжаҳон конференциясининг 25 йиллигига бағишланган глобал саммит бўлиб ўтди. Саммитда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси раиси Танзила Нарбаева Ўзбекистон Республикаси делегацияси номидан иштирок этиб, ўзбек тилида нутқ сўзлади.

Ўзбек тилининг мақомини ошириш мақсадида кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида вилоят ҳамда туман, шаҳар ҳокимликларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича ҳоким маслаҳатчиси вазифаси жорий этилди.

Бугун дунё бўйича 7000 дан ортиқ тил мавжуд бўлсада, шундан бор йўғи 200 га яқини давлат тили мақомини олган. Худди шундай бизнинг ўзбек тилига ҳам давлат тили мақомининг берилиши Ўзбекистон халқи, ўзбек миллати учун фахрдир. Бугунги кунда ўзбек тилини нафақат юртимиз, балки дунё миқёсида тарғиб этиш борасида ишлар олиб борилмоқда. Ўзбек тили АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Швеция, Россия, Украина, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Туркия, Афғонистон, Озорбайжон, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон каби давлатларнинг 60 га яқин университетлари ва 100 дан зиёд мактабларида ўрганилмоқда. Хусусан, ҳозирги вақтда ўзбек тилида сўзлашувчилар сони жаҳон миқёсида 50 млн кишига яқинлашиб қолди.

Бир сўз билан айтганда, ўзбек тилининг мақомини ошириш борасида аниқ ва тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Барча билиши лозим бўлган жиҳат шуки, Она тили шунчаки сўзлашув воситаси эмас, балки Ватанга муҳаббат, миллий ифтихор, аждодларга ҳурмат ва шунинг баробарида авлодларимизга иззат рамзи ҳамдир. Ўз тилини асраб-авайлаган халқ ўзлигини ҳам  асраб-авайлаган бўлади.

 

Яна бир бор барчангизни бугунги Ўзбек тили байрами куни муносабати билан самимий табриклайман. Она тилимиз мустақиллигимиз каби мангу барҳаёт бўлсин!

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM