Пахта экилмайдиган Булунғурда “пахта машмашаси”га ўрин бормикин?!

Жорий йил 19 октябр куни ижтимоий тармоқларда “Булунғурда ҳам пахта машмашаси” номли хабар тарқалди. Аввло, ушбу хабарнинг ҳеч бир мантиққа тўғри келмаслиги шундаки, Булунғур тумани қишлоқ хўжалиги ғалла-сабзавотчиликка ихтисослашган. Туманда пахта экилмайди. Шундай экан “пахта машмашаси” ҳақида сўз юритиш мантиққа зид.

Бироқ хабар мазмунида мажбурий меҳнат ҳақида сўз кетар экан, ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мажбурий меҳнатга қарши курашиш ишчи гуруҳи аъзоси Машҳурбек Мухторов, Самарқанд вилоят Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи Жонибек Азимов, Давлат меҳнат инспекцияси Булунғур туман давлат меҳнат ҳуқуқи инспектори Нодира Хасанова, туман халқ таълими бўлими мудири Замира Алиқуловалар томонидан мактабдаги ҳолат атрофлича ўрганилди, мактаб директори, ходимлари билан суҳбатлашилди.

Ўрганишлар натижасига кўра “пахта машмашаси” билан боғлиқ важ ҳеч қандай асосга эга эмаслиги маълум бўлди. Шунингдек, педагогик жамоаси 31 кишидан иборат мактабнинг умумий майдони қарийб 3 гектарга яқин эканлиги, суратларда эса пахта майдонида эмас, мактаб стадионида техник ходимлар ободонлаштириш ишларини олиб боришаётганлиги акс эттирилганлиги аниқланди.

Ўрганишлар давомида мактаб раҳбарияти томонидан меҳнат шартномаси ва меҳнат мажбуриятлари тақсимоти юзасидан айрим камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди ва уларни бартараф этиш бўйича мутахассислар томонидан тегишли тушунчалар берилди.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM