Булунғур тумани вилоятдаги 4 та “яхши” ҳудудлардан бири

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил 1 майдаги қарорига асосан, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизими жорий этилган эди. Ушбу қарорга мувофиқ, биринчи марта туман ва шаҳарлардаги иқтисодий кўрсаткичлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш муҳити, инфратузилма ва мавжуд ресурслардан фойдаланиш даражаси ўрганилди. Бу ҳақда, жорий йил 24 сентябр куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди. Таҳлиллар асосида туман ва шаҳарлар улардаги тадбиркорлик ривожи ҳолати «яхши», «ўрта» ва «қониқарсиз» ҳудудларга ажратилган. Хусусан, Республикада 48 та туман ва шаҳардаги ҳолат «яхши», 119 тасида «ўрта» ҳамда 33 тасида «қониқарсиз» деб топилган.

Видеоселектор йиғилишида ушбу таҳлиллар асосида жойлардаги муаммоларни ҳал этиш, кўрсаткичлари нисбатан паст бўлган ҳудудларга кўмаклашиш чоралари муҳокама қилинди. «Қониқарсиз» деб баҳоланган туман ва шаҳарларнинг салоҳиятини юзага чиқариш, «яхши» ҳудудларнинг тажрибасини оммалаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Яхши кўрсаткичларга эришган туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари маошига 30 фоиз устама тайинланиб, аҳвол қониқарсиз бўлган ҳудудлар раҳбарларига жарима қўлланилиши айтиб ўтилди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, рейтинг иқтисодий ривожланиш ва самарадорлик кўрсаткичлари, меҳнат бозорининг самарадорлиги кўрсаткичлари, иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги ва диверсификацияси кўрсаткичлари, ишбилармонлик муҳити ва тадбиркорликни ривожлантириш сифат кўрсаткичлари, маҳаллий солиқларнинг йиғувчанлик кўрсаткичлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлиги ва маълумотларнинг очиқлиги кўрсаткичлари каби бир қанча омиллар асосида тузилган. Унда Булунғур тумани ҳам тадбиркорлик ривожи ҳолати «яхши» Республикадаги 48 та, Самарқанд вилоятидаги 4 та туман, шаҳарлардан бири сифатида белгиланди.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM