2020 йил 23 сентябрь  Ўзбекистон тарихида тарихий санага айланган кун!

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев 2020 йил 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг видеоконференция шаклида ўтган 75-сессиясида нутқ сўзлади. Бугунги кунгача ҳам Ўзбекистон Президенти жаҳон Олий Минбарида бир неча бор чиқиш қилган эди. Аммо бу сафарги маъруза тарихга муҳрлангани шубҳасиз. Чунки илк бор дунё ҳамжамиятига ўзбек тилида мурожаат қилинди. Биринчи марта БМТ қароргоҳида Навоий тилидаги сўзлар янгради.

Ўзбек тилини халқаро тиллар каби бутун дунё тан олиши учун Президентимиздан ўрнак олган ҳолда ҳар биримиз курашмоғимиз, унга бўлган эҳтиромни энг аввало ўзимиздан бошлашимиз керак. Ахир бугунги кунга келиб спорт атамалари бўлмиш "ҳалол", "чала", "ёнбош" каби ўзбекча сўзларни чет элликлар нутқида эшитсак қанчалар ғурур, ифтихор туйғуларини туямиз... Президентимизнинг жаҳон минбаридан сўзлаган таклиф ва ғоялари, фикр-мулоҳазалари она тилимизда талқин қилингани, ўйлайманки, ҳар бир ўзбекман деган миллатдошимиз қалбида чексиз қувонч уйғотди... Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган барча ташаббуслар олдингилари каби жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланади ва амалиётга татбиқ этилади.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5850-сонли Фармони қабул қилиниши ҳам муҳим тарихий санага айланди. 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни деб белгиланди. Ўзбек тили байрами кунини нишонлаш арафасида турибмиз. Шундай улуғ байрам олдидан Президентимизнинг БМТдаги чиқиши чин маънода тарихий воқеликдир.

 

Ғайратжон ШАМАНОВ

Булунғур тумани ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM