Булунғурда 14 сентябрдан нечта мактаб очилади?

Жорий йилнинг 11 август куни Халқ депутатлари Булунғур туман Кенгашининг навбатдаги 12-сессияси бўлиб ўтди. Сессия кун тартибида туман халқ таълими бўлими мудири З.Алиқулованинг “Булунғур туманидаги умумий ўрта таълим мактабларининг санитар талабларга мувофиқ бирламчи воситалар билан таъминланганлиги, шунингдек, дезинфекция ишларининг ташкил этилганлиги ҳамда янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати тўғрисида”ги ҳамда туман мактабгача таълим бўлими мудири У.Губаеванинг “Булунғур туманидаги мактабгача таълим ташкилотларида Коронавирус пандемияси шароитида 2020/2021 йилги ўқув йилини бошлаш тартиблари тўғрисида”ги маърузаси тингланди.

Туман Кенгаши раиси ўринбосари А.Шокиров раислигида ўтказилган сессия давомида тумандаги умумтаълим мактабларининг очилиш-очилмаслиги қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Сессия якунига кўра, Булунғур туманида жорий йилнинг 14 сентябридан бошлаб фаолиятини бошлайдиган умумтаълим мактабларининг режа графиги иловага мувофиқ тасдиқланди. Тасдиқланган режа-графика асосан, жорий йил 14 сентябр куни 10 та умумтаълим мактаби ўз фаолиятини бошлаши белгиланди. Шунингдек, туман кенгаши доимий комиссиясига мавжуд эпидемиалогик вазиятдан келиб чиққан ҳолда иловага ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилди.

Ўз фаолиятини бошлаган мактабларга кириш жойи, синфхоналарда қўлни зарарсизлантириш учун мўлжалланган санитайзерлар, қўл ювиш учун зарур воситалар билан таъминланиши ҳамда қўл ювиш жойлари учун алоҳида хавфсиз урналар ташкил қилиниши, танаффуслар вақтида бир синф ўқувчиларининг бошқа синфдагилар билан аралашиб кетмаслигини таъминланиши, мактаблар фаолияти давомида ҳар қандай кўринишдаги оммавий тадбирларни ўтказиш тақиқланиши, мактаблар ҳудудида ошхона, буфетлар ишламаслиги, аҳоли, тадбиркорлар томонидан мактабга турли егулик маҳсулотлари олиб келишга йўл қўйилмаслиги, мактабларда бир синф ўқувчилари орасида 3 нафардан кўп кишида коронавирус аниқланса, бу синф карантинга ёпилиши ҳамда улар учун дарслар анъанавий шаклдан онлайн шаклга ўтказилиши каби бир қанча қатъий талаблар белгиланди.

Сессия кун тартибида кўрилган иккинчи масала муҳокамасида, туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Л.Махманов сўзга чиқиб, мактабгача таълим ташкилотларида ҳам барча тарбиячиларнинг тест топширишларини ташкил этиш, шунингдек, ҳар бир тарбияланувчининг албатта гепатит ва гриппга қарши эмланишини назоратга олиш лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Сессия якунида сайловчилар муаммоларини ҳал қилишда иш олиб борган, ўзбекистон республикаси қонунлари, президент қарор ва фармонлари ижросини таъминлашда фаоллик кўрсатаётган бир қанча депутатлар туман Кенгаши раиси номидан фахрий ёрлиқ билан тақдирландилар.

2015-2020 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM