Вилоят Давлат Солиқ бошқармаси бошлиғи Булунғурда сайёр қабул ўтказди

Бугун, 10 сентябр куни Самарқанд вилояти Давлат Солиқ бошқармаси бошлиғи Инағамов Аловиддин Булунғур тумани “Қўнғирот” маҳалласида сайёр қабул ўтказди. Сайёр қабулда тумандаги сектор раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосари Б.Ильчиев, тумандаги корхона ва ташкилот раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этишди.

Қабул давомида жами 17 та фуқародан турли мазмундаги мурожаатлар келиб тушди. Хусусан, “темир дафтар”га киритилмаганлигидан норози бўлган фуқаролар томонидан ҳам мурожаатлар бўлди. Туман Давлат Солиқ инспекцияси бошлиғи Ш.Эшмуратов сектор раҳбари сифатида Ўсаров Жалол хонанонини шахсан назоратига олишини ва фуқаронинг оилавий шароити ишчи гуруҳ томонидан ўрганилиб чиқлишини маълум қилди.

Сайёр қабулга келган фуқароларнинг барчаси ҳам мурожаат билан келмаган экан. Хусусан, “Зарафшон” маҳалласи фуқароси Суярова Насиба ҳеч қандай мурожаати йўқ эканлигини, туман солиқ инспекцияси бошлиғи Ш.Эшмуратовнинг сектор раҳбари сифатида халқ манфаати йўлида амалга ошираётган ишлари учун миннаддорчилик билдириш учун келганини маълум қилди.

Таъкидлаш керакки, айрим фуқаролар томонидан бир неча масала юзасидан мурожаатлар келиб тушган бўлсада, мурожаатларнинг аксариятини суюлтирилган газ, йўл ҳамда  электр устунлари билан боғлиқ масалалар ташкил этмоқда.

Сайёр қабул сўнгида Самарқанд вилояти Давлат Солиқ бошқармаси бошлиғи А.Инағамов корхона ва ташкилот раҳбарлари билан қабул давомида тушган масалаларни муҳокама этар экан, ҳар бир мурожаат имкон қадар ижобий ҳал этилиши чоралари кўрилишини ва мурожаатчига белгиланган муддат ичида жавоб қайтариш лозимлигини таъкидлади.

2015-2024 © Булунғур туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM