Сессияда электр тармоқлари корхонаси раҳбариятига огоҳлантириш берилди

Бугун халқ вакиллари – депутатларнинг ҳам жамиятимиздаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Зеро, ҳақ олинур, берилмас, деганларидек, уларнинг фаолиятида ҳам сезиларли фаоллик кузатилмоқда. Чунончи, бугун, 24 июль куни бўлиб ўтган Халқ депутатлари Булунғур туман Кенгашининг навбатдаги 8-сессияси кун тартибига киритилган 9 та масала ҳам бунинг яққол исботидир.

Халқ депутатлари Булунғур туман Кенгаши раиси Баходир Абдуллавич Бахрамов раислигида бўлиб ўтган сессия кун тартибидаги масалалар юзасидан масъулларнинг ҳисобот ва маърузалари тингланди. Кўтарилган масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, масъулларга тегишли тавсиялар берилди, зарур қарорлар қабул қилинди.

Жумладан, Булунғур туман маъмурий суди раиси Шерзод Тўхтаевга жойларда сайёр суд мажлисларини, тушунтириш, тарғибот ишларини янада кўпайтириш, фаолиятини ОАВда доимий ёритиб бориш масалаларига эътибор қилиш тавсия этилган бўлса, туманда яқиндан фаолият бошлаган Жиноят ишлари бўйича Булунғур туман суди раиси Гайратжон Негматов ҳар бир суд мажлисида маҳалла масъулларининг иштироки масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаб, бу борада деупатлар билан ҳам яқиндан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлигини маълум қилди.

Шунингдек, кун тартибига мувофиқ, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси депутатлик гуруҳи ташаббуси билан сессияга “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖдан ҳам масъуллар таклиф этилиб, техник директор ўринбосари Қиличев Валижон томонидан 2020 йилнинг I ярим йиллик давомида Булунғур туманида электр таъминотини яхшилаш борасида амалга оширилган ишлар, белгиланган режалар тўғрисида маълумот тингланди. Жорий йилда туманда олиб борилаётган ижобий ўзгаришлар депутатлар томонидан эътироф этилди. Бироқ, шундай бўлсада, Булунғур туман электр тармоқлари корхонаси томонидан мавжуд ресурслардан унумли фойдаланилмаётганлиги соҳа юзасидан аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганлиги таъкидланди. Жумладан, Булунғур туман Халқ қабулхонасига электр энергияси билан боғлиқ мурожаатларнинг 24 фоизга ортганлиги, 2018-2019 йилларда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Дастур ижроси туманда таъминланмаганлиги, маблағ ажратилмаганлигини сабаб қилиб кўрсатмасдан, “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ ва унинг туман бўлими Дастур ижроси учун масъулиятни ўз зиммасига олишлари ҳамда ижроси учун зарур даражада амалий ҳаракат қилишлари лозимлиги таъкидланди. Юқоридагиларни инобатга олиб, Булунғур туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари Икром Муродов ҳамда бош мухандис Абдулла Хаджаевга Халқ депутатлари Булунғур туман Кенгаши қарори билан қатъий огоҳлантириш берилди. Корхона раҳбарияти томонидан камчиликлар ўз вақтида бартараф этилмаса, келгуси сессиялар давомида депутатлар томонидан раҳбарият фаолияти юзасидан хулоса чиқарилиши мумкинлиги маълум қилинди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугун бўлиб ўтган сессия давомида депутатлар томонидан берилаётган саволларнинг нисбатан кўпайганлиги, жумладан. ўз сайловчилари томонидан бўлаётган мурожаатлар ечими юзасидан масъуллардан изоҳ сўраб мурожаат қилинаётганлиги ҳам уларнинг фаолиятида ижобий ўзгаришлар бўлатганлиги, депутатларнинг халқ ичида юрганлигидан далолат беради.

Сессия кун тартибида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

2015-2024 © Хокимият Булунгурского района. Разработан в: SAKTRM