Судлар томонидан ярашув институти самарали қўлланмоқда

Ярашув институтининг афзаллиги шундаки, биринчидан, жабрланувчига етказилган зарар тез ва тўлиқ қопланиши таъминланади. Яъни, унинг манфаатлари устувор саналади. Иккинчидан, жиноят содир этган шахс жиноий жавобгарликдан озод этилгани учун судланмаган ҳисобланади. Учинчидан, айбдорни кечириш орқали жазоланмасдан тарбияланади.

 

Шу ўринда суд амалиётидан мисол келтирсак: Булунғур тумани "Ғўбдин” маҳалласида яшовчи Ибрагимов Шохрух Шарофиддин ўғли, 2020 йил 14 апрель куни соат 11:30ларда  Булунғур тумани "Оқтош” маҳалласида жойлашган дала ер майдонида таниши Бахриддинов Темур Шарофиддин ўғли билан футбол ўйини вақтида ўрталарида келиб чиққан ўзаро келишмовчилик оқибатида жанжаллашиб қолиб, жанжал давомида Ш.Ибрагимов қўли билан Ш.Бахриддиновнинг юз соҳасига қасддан уриб тан жароҳати етказган.

 

Дастлабки тергов органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 105-моддаси 1-қисми билан гумон қилинувчи Ибрагимов Шохрух Шарофиддин ўғлига нисбатан бўлган жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Жиноят-Процессуал-Кодексининг 584-моддаси талабларига асосан суд мажлисида кўриб чиқилиши учун жиноят ишлари бўйича Булунғур туман судига юборилган.

 

Сайёр суд мажлисида жабрланувчи ва гумонланувчи ўзаро ярашганлиги ҳақидаги ариза билан мурожаат этиб, жабрланувчи гумонланувчига нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги, ярашув ихтиёрий равишда бўлганлигини кўрсатиб ўтди. Суд жабрланувчининг ярашганлиги ҳақидаги аризасини қаноатлантириб, Ш.Ибрагимовга оид жиноят ишини тарафлар ярашганлиги муносабати билан ҳаракатдан тугатди.

 

Халқимизнинг тарихий анъаналарига мос тушадиган ярашув институти ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этган ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жабрланувчи билан ярашган ҳамда етказилган зиённи қоплаган фуқаролар жиноий жазодан озод этиладиган бўлди. Жуда кўп фуқароларимиз жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши нечоғли инсонпарвар эканини ўз ҳаётларида англаб етдилар. Энг асосийси, судланувчи ярашув орқали «судланган», деган тамғадан халос бўлади. Шунингдек, дастлабки тергов ишларини олиб бориш ва ишни судда кўриб чиқиш учун сарфланадиган муддатлар анча қисқаради.

 

 Судлар томонидан ярашув институтининг самарали қўлланилаётгани инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари устувор қадрият сифатида эъзозланаётганининг яққол тасдиғидир.

 

 

Тўлқин ҚОДИРОВ,

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг судьяси.

 

Ғайратжон НЕГМАТОВ,

Жиноят ишлари бўйича Булунғур туман судининг раиси.

2015-2024 © Bulung‘ur tuman hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM