Матбуотчи ўзгармагунча, матбуот ўзгармайди!

Газетага таниқли инсонларнинг муҳаррирлик қилиши ижобий самара берар, лекин, ростини айтайлик: аксар ёшлар мутлақо газета ўқимайди. Варақлаш тугул, қўлигаям олмайди. Чунки ўқишга эринади.

 

Телеграммдан 15-20 йўллик материални бир ёш йигитга юборсам, нима бу ўқишга эринаяпман, дейди. Мана ҳақиқий аҳвол. Бутун бошли авлоднинг ўқишга эринчоқлигида муҳтарам муаллимларни гуноҳи катта-ёв. Ҳақрост, ота-она ўқи ё ўқияпсанми, деб умуман қизиқсинмайди. Ҳеч қурса, устоз ўқи, дейиши керакми?

 

Синглим мактабда ўқийди. «Оқ кема»ни ўтишибди. 21 боладан бирортаси ҳам дарсликдаги парчани ўқимабди. Адабиёт муаллимаси жим! Нега ўқимадинг, деб нари-бери савол-жавобдан у ёғига ўтмабди. Бугун Миллий театрда «Оқ кема» қўйилди. Устозига оборинг, десам, вақт қатда, дейди. «Олтин зангламас»даги касбига содиқ Содиқдек муаллимларни кундузи чироқ ёқиб ҳам тополмаймиз. Шун-чун таълим сифати паст!

 

Муаллим, мутолаа... мавзудан четга чиқдим... Матбуотга қайтсак.

 

Матбуотга таҳлил керак, менимча. Таҳлилий мақола ҳаммага қизиқ. 15 йўллик матнни ўқимаган ёш йигит ҳам дизайнда бўртиб турган жойига кўз югуртириб чиқиши тайин. Лекин битта нарсани тан олиш керак: битта матбуотчи битта блогерчалик ишлай олмаяпти. Блогернинг каналида ҳафтада битта тош босадиган материал бўлади. Агар икки ё учта бўлмаса. Ҳафтада бир чиқадиган газетада биттаям маза қилиб, роҳатланиб, берилиб ўқийдиган мақола йўқ. Давр ўзгараяпти, талаб ўзгараяпти, газетаниям ўзгартмоқчимиз, лекин матбуотчи ўзгармаяпти, ислоҳни истамаяпти. Эрталаб 8 да келса, пашша қўриб, келган маълумотдан мақола ясаб, 4 бет газет чиқарса, соат 5 да уйига қайтса... Кузда тайёр обуна ҳам қилиб берса. Обунага бошқарув идоралари аралашувига қаршилигим йўқ, бироқ, обуна учун тўлаётган пулига муштарий рози бўлиши керак! Айрим маҳаллий газетларни кўриб, қоғоз увол бўлганига ачиниб кетасан киши...

 

«Машъал» бир вақтлар салкам 12 минг ададда чиққан (Туман газетаси-я). Муҳаррири Малика Хўжаева эди. Илоё, умри узун бўлсин опанинг!

Малика опа айтарканлар доим:

- Бўри-ку, майли. Бироқ, журналистниям оёғи боқади.

 

Хуллас, матбуотчи ўзгармагунча, матбуот ўзгармайди!

 

Интернетдан олинди.

2015-2019 © Bulung‘ur tuman hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM