Азиз Булунғурликлар ва туманимиз  меҳмонлари!

2022 йилнинг 5 январидан 5 февралига қадар аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини барқарор ривожлантириш учун барча ёшдаги фуқароларимизни кунлик пиёда юришга тарғиб қилиш мақсадида “Соғлом ҳаёт учун ҳар кун - ўн минг қадам!” шиори остида Булунғур туманинг марказий кўчалари,  стадионлар, маҳалла ва гузарларда ҳамда ташкил этилган “Саломатлик йўлаклари”да юриш тадбирлари ўтказилади.

✅“Соғлом ҳаёт учун ҳар кун - ўн минг қадам!” шиори остида ташкил этилган тадбирдан кўзланган асосий мақсад:
аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларнинг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш;
аҳолининг антропометрик кўрсаткичларини (семизлик даражасини, вазн индексини камайтириш, саломатликни мустаҳкамлаш) яхшилаш;
соғлом ҳаёт кечириш даражасини кўтариш, аввало юрак-қон томир ва нафас олиш йўллари ҳамда семизлик (ортиқча вазн) касаллигига чалинган фуқароларимизнинг соғлиғини барқарор тиклаш;
зарарли одатлардан воз кечиб, оммавий спорт билан тизимли равишда ҳар куни шуғулланиш, тўғри овқатланиш тамойилларига риоя қилиш, хусусан, таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори кўп бўлган ҳамда хамирли таом ва ширинликларни, нон маҳсулотларини меъёридан ортиқ истеъмол қилмасликни, бир сўз билан айтганда, соғлом турмуш тарзини кундалик ҳаётимизга айлантириш.
✅Мунтазам пиёда юришнинг инсон саломатлиги учун афзалликлари: мутахассисларнинг таъкидлашича пиёда юриш саломатлик, ҳаёт давомийлиги, қон босими учун жуда фойдали, инсонга деярли жароҳат етказмай, сезиларли даражада калория парчалаш имконини беради;
юрак-қон томир касалликлари хавфини 31 фоизга камайтиради;
юрак-қон томир касалликлари натижасида келиб чиқадиган хавфни 26 фоизга, бошқа барча касалликлар натижасидаги ҳолатларни эса 
20 фоизга камайтиради;
ақл заифлашуви (деменция) хавфини, диабет, депрессия, йўғон ичак саратони, семизлик, бўғимлар касалликлари, эректиль дисфункциялар хавфини камайтиради;
юрак мушаклари мустаҳкамланади, тананинг барча аъзо ва тўқималарида қон айланиши кучаяди;
қон таркибидаги кислород ва озиқ моддалар миқдори ортади, холестерин миқдори эса камаяди;
инфаркт, инсульт ва томирларда тромбоэмболияларнинг олди олинади;
2 типдаги қандли диабетнинг ривожланиш хавфи 30 – 40 фоизга камаяди;
аёлларда кўкрак бези саратонининг ривожланиш хавфи пасаяди;
эркакларда простата бези аденомаси ривожланиш хавфи 
50 фоизга камаяди;
ҳазм жараёни яхшиланади ва ич келиши меъёрлашади;
кўз ички босими ва глаукоманинг ривожланиш хавфи камаяди;
кайфият яхшиланиб, тушкунликнинг олди олинади;
уйқу меъёрлашади ва уйқусизликка йўл очилмайди;
ҳаёт сифати яхшиланади ва давомийлиги узаяди;
ўпка тириклик сиғими ва нафас олиш чуқурлиги ошади;
суяклар, бўғимлар ва умуртқа ҳолати яхшиланиб, таянч – ҳаракат аппарати турли шикастланишларининг олди олинади;
иммунитет ошади ва одам ҳар хил мавсумий шамоллаш касалликларини енгил ўтказади;
стрессларни бартараф этади ва ортиқча тана вазнидан халос қилади.
Булунғур туманидаги қуйидаги кўчаларда барпо этилган саломатлик йўлакларида юриш тавсия этилади:
Увайсий кўчаси 2 км 
Ўзбекистон кўчаси 2.5 км
Сайилгох кўчаси 1 км
Фаробий кўчаси 2.5 км

Шунингдек, барча шаҳар ва туманлар марказларига олиб борувчи йўлларда барпо этилган саломатлик йўлакларида ҳам юриш марафонлари ташкил этилади. 
Ўз саломатлигингизга бефарқ бўлманг, ҳаракатчанг ва фаол бўлиш учун бизга қўшилинг!

 Булунғур тумани  ҳокимлиги Туризм ва спорт бўлими
 

Image_elon: 
2015-2024 © Bulung‘ur tuman hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM