Булунғурда бозор ҳудуди тартибга келтирилмоқда

Бугунги кунда Булунғур тумани марказида жойлашган “Булунғур буюм бозори” МЧЖ ҳамда Соҳибкор кўчаси бўйлаб савдо дўкони ёки бошқа турдаги тадбиркорлик субъекти биноси олдидаги ободнлаштириш учун ажратилган ер майдонларини ҳам ўзбошимчалик билан ўзлаштириш ҳолатлари кузатилмоқда. Бундан ташқари “Ўзбекистон” шох кўчаси ҳамда “Амир Темур” кўчаларида йўлнинг автотранспорт воситалари ҳаракатланиши учун мўлжалланган қисми бўйлаб ҳам қўлбола усулда ясалган турли расталар жойлаштирилиб, сунъий тирбандликнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Юқоридаги ҳолатларнинг барчаси шаҳарсозлик нормаларига зид, ёнғин хавфсизлик талабларига жавоб бермас эди.

 

Булунғур тумани ҳокими Баходир Бахромов бозор ҳудуди ҳамда мазкур кўчаларда тадбиркорлар ва аҳоли учун яратилган шароитларни кўздан кечирар экан, эътиборсизлиги ёҳуд фаолиятсизлиги юзасидан бозор раҳбарияти, ҳудуд профилактика инспектори, туман Давлат солиқ инспекцияси масъул ходимлари, санитария эпидемиалогия осойишталиги маркази масъулларига эътироз билдирди. Ҳудуддаги тадбиркорлар билан учрашиб, бозор ҳудуди халқимизнинг савдо қилиши учун ҳар томонлама қулай бўлиши, санитария ва шаҳарсозлик талабларига жавоб бериши  лозимлигини, шу сабабдан тадбиркорлар кўпроқ жой эгаллашга эмас, аҳоли ҳаракатланиши учун қулай шарт-шароит яратиш масалаларига ҳам эътибор қаратиши лозимлигини тушунтирди.

 

Мазкур ҳолатлар юзасидан туман ҳокимлиги, туман ички ишлар бўлими, туман Давлат солиқ инспекцияси, туман санитария эпидемиалогия осойишталиги маркази, туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимларидан иборат таркибда ишчи гуруҳ тузилиб, мавжуд камчиликлар соҳалар кесимида бартараф этилди. Хусусан, ободонлаштириш ёки пиёдалар йўлакчаси учун ажартилган ер майдонларида тадбиркорлар томонидан шаҳарсозлик нормаларига зид равишда қурилган енгил конструкциялар олинди. Бозор ичи, “Ўзбекистон” шох кўчаси ҳамда “Амир Темур” кўчалари бўйлаб жойлаштирилган ноқонуний кўчма савдо расталари олиниб, кўча автомобил ҳаракати учун очиб қўйилди. Бундан ташқари туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан бозор атрофида жойлашган ва кўчма савдо расталари “ижара”га қўйиладиган хонадонлар эгаларига, уларнинг бу фаолияти ноқонуний эканлиги, расталарни ўз эгаларига бериб юбориши ва уйида сақламаслиги зарурлиги тушунтирилди. Туман санитария эпидемиалогия осойишталиги маркази ходимлари томонидан бозор ҳудуди ва кўча бўйлаб жойлашган ошхоналарнинг санитария ҳолти кўздан кечирилган бўлса, туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари томонидан ёнғин хавфсизлиги билан боғлиқ ҳолатлар кўздан кечирилди, электр тармоғига талабга жавоб бермайдиган шаклда, пала-партиш ҳолатда уланган тадбиркорлар огоҳлантирилиб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар берилди. Ҳудуд бўйлаб жойлашган тадбиркорлик субъектларининг биноларига илинган ташқи реклама ва пешлавҳалар "Реклама тўғрисида"ги ҳамда "Давлат тили ҳақида"ги қонун талабларига мос келиши лозимлиги бўйича тушунчалар берилиб, талабга жавоб бермайдиган реклама баннерлари олинди.

 

Таъкидлаш керакки, кўрилган чора-тадбирлар натижасида туман маркази янада кўркамлашди, аҳолининг савдо қилиши ва ҳаракатланиши учун қулай шарт-шароит яратилди. Бу борадаги ишлар тизимли равишда давом эттирилиши кўзда тутилган.

2015-2024 © Булунгур туман ҳокимлиги. Maked by: SAKTRM